Зеленский украинлар ва руслар тарихи ҳақида мақола ёзган Путинни троллинг қилди

“Бу кўпроқ Қобил ва Ҳобил муносабатларига ўхшайди”, деди Зеленский.

Зеленский украинлар ва руслар тарихи ҳақида мақола ёзган Путинни троллинг қилди


Зеленский украинлар ва руслар тарихи ҳақида мақола ёзган Путинни троллинг қилди


Украина президенти Володимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин руслар ва украинлар тарихини ўрганиш учун вақт топа олганига “ҳасад қилишини” айтиб, россиялик ҳамкасбини троллинг қилди.

Зеленский бу гапни 13 июль куни унга Путиннинг украинлар ва руслар бир халқ, деган фикр илгари сурилган 5 мингдан ортиқ сўзли мақоласи ҳақида берилган саволга жавобан айтди.

Путин даъвоси икки халқ дўстлигининг ижобий баёноти ўлароқ тақдим этилди, аммо Украинада Россия президентининг бу қараши украинларнинг ноёб маданияти ва тарихини кичрайтириб кўрсатишга уриниш ўлароқ қабул қилинди.

Украина президенти бир кун олдин Кремль веб-сайтида ҳам рус, ҳам украин тилида чоп этилган Путин мақоласини тўлиқ таҳлил қилиш учун етарли вақти йўқлигини айтди, аммо у Россия президенти мақолани ёзиш учун “жуда кўп вақт сарфлагани” кўриниб турганини айтди.

“Мен мана шунақа улкан, қудратли мамлакат президенти ана шундай узун асарни ёзиш учун жуда кўп вақт сарфлай олиши мумкинлигига ҳасад қиламан”, деди Зеленский.

Зеленский Путин “қардош” халқлар ҳақида сўзлаганига қарамай, Россиянинг қилиқлари биродарларга хос эмаслигини айтди.

“Бу кўпроқ Қобил ва Ҳобил муносабатларига ўхшайди”, деди Зеленский.

Путин бир неча йилдан бери Украинанинг миллат ва мустақил давлат сифатида легитимлиги ҳақида шубҳа туғдиришга уриниб келади. Хабарларга кўра, у АҚШ Президенти Жорж Бушга Украина “ҳатто давлат ҳам эмас” деб айтган.

Бироқ, Украинада кўпчилик ўз мамлакати Европа билан интеграция қилишини хоҳлайди ва Кремль таклиф қилган қадрият ва бошқарув институтларидан кўра Ғарб қадриятлари ва бошқарув институтларини афзал кўради.

2013 ва 2014 йилларда собиқ президент Виктор Янукович мамлакатни Москвага қайта йўналтиришга уринганида юз минглаб украиналик Киев кўчаларига норозилик намойишларига чиқиб, охир-оқибат Янукович ҳукуматини ағдарган эди.

Путин Янукович ағдарилганидан фойдаланиб, 2014 йилда Украинанинг Қрим ярим ороли тарихан Россияники эканини айтди ва уни аннексия қилиб олди.

Орадан кўп ўтмай, Путин Украина шарқидаги Донбасс минтақасида бўлгинчиларни дастаклай бошлади. Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат шарқидаги тўқнашувларда бугунга қадар 14 000 дан ортиқ одам ўлган.

Путин 12 июль куни эълон қилинган мақоласида “Украинанинг ҳақиқий суверенитети фақат Россия билан ҳамкорлик қилганда мавжуд бўлиши мумкинлигига амин” эканини таъкидлади.

Украина президенти эртаси куни журналистларга агар Путин юзма-юз учрашувга вақт ажратганда, яхшироқ бўлган бўлар эди, деди.

Зеленский Путин билан ҳал қилинмаган масалаларни, шу жумладан, Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларидаги можарони тугатиш масаласини муҳокама қилиш учун саммит ўтказишга уринмоқда.

Зеленский журналистларга Путинда учрашувга вақт йўқлигини, энди бунинг сабабини билишини айтди.

“У ёзган нарсалар ҳақида биз гаплашишимиз мумкин эди”, деди у.

Зеленский украинлар ва руслар тарихи ҳақида мақола ёзган Путинни троллинг қилди (ozodlik.org)